2020 йил Солиқ кодексида янги атамалар

налоги

2020 йилда кучга кирадиган  Солиқ  кодексида янги тушунчалар, атамалар кўпчликни ташкил этади, уларнинг энг эътиборга сазовор бўлган   бир нечасини белгиладим.

Келишувларнинг иқтисодий  мазмуни ва уларни юридик расмийлаштириш

Агар келишувлар ва  иқтисодий муносабатлар уларнинг ҳақиқий иқтисодий мазмунига мувофиқ келмаган ҳолда солиқ солиш учун давлат солиқ хизмати органлари солиқ тўловчининг юридик таснифини, мақомини ва (ёки) унинг иқтисодий фаолияти характерини ўзгартириш ҳуқуқига эга. Яъни, шартнома шакли  ва унинг туб моҳияти  унинг ҳақиқий мазмунига мос келмаса, бу ҳол солиқни ҳисоблаб чиқишга  таъсир этади, бундай ҳолларда  солиқни сиз иқтисодий мазмундан  келиб чиққан ҳолда тўлайсиз.

Муҳим эҳтиёткорлик

Солиқ тўловчи томонидан унинг олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаган шахслар билан тузилган битимлар бўйича қилинган харажатлар (кўрилган зарарлар), агар ушбу солиқ тўловчи битим тузаётганда лозим даражада эҳтиёткорлик қилмаган бўлса, солиқ солиш мақсадида тан олинмайди

Яъни сиз фойда солиғи тўловчиси бўлсангиз,  солиқ даражасини  сиз кўрилган зарар миқдорига  камайтира олмайсиз.

Солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олиш ва ҳисоб ҳужжатлари

Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ зиммасига бухгалтерия ҳисобини юритиш мажбурияти юклатилмаган шахслар солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олиш ишини  ташкил этади ва юритади.

Яъни қонунчиликка биноан сиз бухгалтерия ҳисоб-китоби  юритмаслигингиз мумкин, аммо солиқни тўлаш учун ҳисоб-китоб олиб боришингизга тўғри келади.

Ортиқча тўланган ва ортиқча ундирилган солиқларни ҳисобга олиш ҳамда  қайтариш

Ортиқча ундирилган солиқ суммасига фоизлар солиқ тўловчи ундан солиқ ортиқча ундирилгани факти ўзига маълум бўлган кундан ёки суднинг қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан ўттиз кун ичида мурожаат этган тақдирда ҳисобланади. Фоизлар ундирилган кундан кейинги кундан эътиборан ҳақиқий ҳисобга олинган (қайтарилган) кунга қадар ҳисобланади. Ҳисобланган фоизлар тегишли бюджет маблағлари ҳисобидан тўланади. Фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг шу кунлардаги амал қилаётган қайта молиялаштириш ставкасига тенг этиб қабул қилинади.

Мулк гарови

Солиқларни тўлаш мажбурияти мол-мулк гарови билан таъминланиши мумкин. Мол-мулк гарови солиқ органи ва гаровга қўювчи ўртасидаги шартнома билан расмийлаштирилади. Солиқ тўловчининг ўзи ёки учинчи шахс гаровга қўювчи бўлиши мумкин.

 Кафиллик

Солиқларни тўлаш мажбурияти кафиллик билан таъминланиши мумкин. Кафиллик туфайли кафил, агар солиқ тўловчи тегишли солиқ суммаларини ва тегишли пеняларни белгиланган муддатда тўламаса, солиқ органлари олдида солиқ тўловчининг солиқларни тўлаш бўйича мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажариш мажбуриятини олади.

 Банк кафолати

Солиқ мажбуриятини бажариш банк кафолати билан таъминланиши мумкин. Агар солиқ тўловчи тўланиши лозим бўлган солиқ суммаларини ва тегишли пеняларни белгиланган муддатда тўламаса, банк кафолати туфайли банк (кафолат берувчи) солиқ органлари олдида солиқ тўловчининг солиқни тўлаш бўйича мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажариш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

Мол-мулкни хатлаш

Солиқ қарзи бўйича солиқ тўловчиларнинг мол-мулкини хатлаш суд қарорига кўра амалга оширилади. Солиқ тўловчининг солиқ қарзи бўйича унинг мол-мулкини хатлаш солиқ тўловчига солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома юборилган кундан бошлаб ўн беш календарь кун ичида у томонидан тўлиқ бажарилмаган тақдирда амалга оширилади.

Трансферт нархни белгилаш

Ўзаро алоқадор тарафлар фаолиятининг мустақил шахслар томонидан таққосланадиган иқтисодий шароитларда олиниши мумкин бўлган шароитлар ва натижалардан фарқ қиладиган тижоратга оид ва (ёки) молиявий шароитлар ва (ёки) натижалар ушбу Кодекснинг мақсадида трансферт нархни белгилаш деб тушунилади. Битимнинг тарафларидан бири томонидан олиниши мумкин бўлган, лекин трансферт нархни белгилаш натижасида тараф олмаган ҳар қандай даромадлар солиқ солиш мақсадида ушбу бўлимда белгиланган ҳолларда ва тартибда битимнинг шу тарафида ҳисобга олинади.

Яъни, сиз А мижозга – 100 сўмдан, Б мижозга эса – 60 сўмдан  сотсангиз, буни  исботлаб берадиган  аниқ далилингиз бўлиши зарур. Агар фарқни исбот қилиб беролмасангиз  солиқни Б мижоз бўйича  – 100 сўм  ҳисобидан  тўлашингизга тўғри келади.

14.01.2020