2020 йил  1 июлдан тадбиркорлар  учун тартибларни  соддалаштириш

налоги 2020

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ  тадбиркорлар учун  баъзи тадбирлар  соддалаштирилди, шунингдек солиқ имтиёзлари  жорий этилди.

Жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганда юридик шахслар – тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қайта рўйхатдан ўтказиш катта миқдорларда солиқ қарздорлиги мавжуд бўлмаган тақдирда талаб этилмайди. Юридик адреси  ўзгарганлиги ҳақида  хабар берилади;

Якка тартибдаги тадбиркорларни давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш уларни тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш жойи бўйича амалга оширилади. Илгари якка тартибдаги тадбиркорлар прописка қилинган жойи бўйича рўйхатдан  ўтказилар эди. Якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома унда якка тартибдаги тадбиркорнинг фотосурати акс эттирилган ҳолда берилади.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар учун назарда тутилган фаолият турлари билан шуғулланувчи, иштирокчилари сони камида уч нафар бўлган оилавий корхоналар айланмадан солиқни белгиланган миқдордан 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлашлари белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси 2021 йилда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни осонлаштириш, шу жумладан, қуйидагиларга имкон яратувчи сервислардан реал вақт режимида фойдаланишга ёрдам берадиган “Бизнес навигатор” ахборот тизимини жорий қилади:

тадбиркорлик фаолиятининг тегишли ҳудуддаги рақобатбардош турини танлаш;

кредит олиш учун зарур бўлган бизнес-режа лойиҳаси ва ҳужжатлар тўпламини шакллантириш;

тегишли тадбиркорлик фаолияти учун тақдим этилган имтиёз ва преференциялар тўғрисида маълумот олиш;

тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун кўчмас мулк объектларини танлаш.

23.06.2020