2019 йилги солиқ назоратидаги ўзгаришлар

проверки

“Солиқ ва бюджет  сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган  асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига  баъзи ўзгартиш ва қўшимчалар  киритиш тўғрисида”ги  Қонунга биноан Солиқ Кодексига ўзгартишлар киритилди.

Солиқ назоратидаги ўзгаришлар

67 моддада  солиқ назорати шаклига ўзгартириш киритилди:

  • Нақдпул тушуми келиб тушишининг хронометражи  хронометражни кўздан кечиришга  алмаштирилди;
  • янги, мавзули экспресс-ўрганиш шакли қўшилди.

68 моддада Солиқ солиш объектлари ҳамда солиқ солиш объектлари билан боғлиқ объектлар қўшимчалар билан тўлдирилди:

Давлат солиқ хизмати органларида мавжуд бўлган солиқ солиш объектлари ҳамда  солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари заруратга қараб, лекин йилига кўпи билан бир марта кейинчалик солиқ солинадиган базага тузатишлар киритиш учун солиқ тўловчида кўздан кечириш ҳамда сўров ўтказишни амалга оширишга ҳақли.

Солиқ солиш объектлари ҳамда  солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади;

 71 моддада   Нақд пул тушуми келиб тушишининг хронометражи эндиликда янги таҳрирда хронометражни кўздан кечириш сифатида баён этилди

 71-2 моддада  Мавзули экспрессўрганиш  қўшилди

86 моддада солиқ текширишларининг турлари янги таҳрирда баён этилди

88 моддада  Солиқ текширишлари учун асослар янги таҳрирда баён этилди

 89 моддада  Солиқ текширишларини ўтказиш муддатлари  янги таҳрирда баён этилди

 120 моддага ўзгартиш киритилди. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш муддатларининг бузилиши  янги таҳрирда баён этилди

Солиқларни ўз вақтида тўламаганлик учун пеня миқдори  оширилди.

  

Хронометражни кўздан кечириш нима?

Хронометражни кўздан кечириш – хронометраж ўтказиладиган даврда тушумларнинг ҳақиқий ҳажмларини, пул тушуми суммаларини, ишлаб чиқариш ҳажмларини, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш ҳажмларини аниқлаш мақсадида ўтказилади.

Эътибор беринг,  илгари хронометраж   фақат нақд пул тушумига тааллуқли бўлар эди, эндиликда эса ҳақиқатан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва уларнинг реализацияси (етказиб берилгани) ҳисобга олинади.

Хронометражни кўздан кечиришни ўтказиш муддати етти календарь кундан ортиқ бўлмаслиги керак.

Хронометражни кўздан кечириш ишлаб чиқариш, реализация қилиш ҳажмларини ҳамда пул маблағлари тушумини кузатиш орқали ўтказилади. Бунда хронометражни ўтказишга бошқа шахсларни, шу жумладан экспертларни жалб этишга йўл қўйилмайди.

Хронометражни кўздан кечиришни амалга ошириш жараёнида қуйидагиларга  йўл қўйилмайди:

солиқ тўловчидан ҳисобга олиш ҳужжатларини талаб қилишга,

солиқ тўловчига нисбатан талаблар қўйишга,

солиқ тўловчининг фаолиятига бошқача тарзда аралашишга.

Бундан солиқ тўловчидан ҳамда раҳбарлик вазифаларини ёки бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқарув вазифаларини амалга оширувчи шахслардан, солиқ тўловчининг бошқа моддий жавобгар ходимлардан тушунтиришлар олиш, шунингдек назорат-касса машиналарида ва тўлов терминалларида сақланаётган хронометражни ўтказиш даврига доир маълумотларни олиш мустасно.

Хронометражни кўздан кечириш натижаларидан солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги маълумотлар базаларини шакллантириш ва юритиш, шунингдек тақдим этиладиган ҳисоботларнинг ва ҳисоблаб чиқарилган солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларнинг суммалари ишончлилигини солиштириб кўриш учун фойдаланилади.

Давлат солиқ хизмати органлари солиқ тўловчи фаолиятининг хусусиятлари ва мавсумий омилларни ҳисобга олган ҳолда солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган хронометражни кўздан кечириш ўтказилган даврга оид солиқ ҳисоботида акс эттирилган, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушум тўғрисидаги маълумотларни  хронометраж жараёнида олинган тушум тўғрисидаги маълумотлар билан солиштиришни амалга оширади.

Агар хронометражни кўздан кечириш ўтказилган даврга оид тақдим этилган солиқ ҳисоботида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумнинг камайтирилганлиги аломатлари аниқланса, давлат солиқ хизмати органлари ушбу Кодекснинг 70-моддасида кўрсатилган тартибда солиқ тўловчига талабнома юборади. 70 модда – Камерал назоратда  солиқ тўловчи олдига камчиликни бартараф этиш  ёки юзага келган фарқни асослаб бериш талаби қўйилади.

Солиқ тўловчида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумнинг камайтирилганлиги такроран аниқланган тақдирда, бу ҳаракатлар солиқларни тўлашдан бўйин товлаганлик сифатида таснифланади.

Мавзули экспрессўрганиш нима?

Биз  мавзули-экспресс ўрганиш ҳақида илгари  ёзган эдик.

Солиқ текширувларининг  турлари

Илгари режали ва режадан ташқари  текширувлар бўлар эди, эндиликда текширувлар қуйидаги турларга  бўлинади:

тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган билан келишувга кўра ўтказиладиган текширувлар; Бундай текширишларга қуйидагилар киради:

солиқ тўловчининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш);

жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши фактлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида ўтказиладиган текшириш ёки таваккалчиликни таҳлил этиш натижаларининг якунлари бўйича давлат солиқ хизмати органлари ташаббусига кўра текшириш.

Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли органни хабардор қилиш тартибида ўтказиладиган текширувлар жумласига қуйидагилар киради:

юридик шахс тугатилиши муносабати билан ўтказиладиган текшириш ҳамда фаолияти тугатилаётганда ягона солиқ тўловини тўловчи бўлган якка тартибдаги тадбиркорни текшириш;

тегишли рухсатномаларсиз алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилинишини текшириш;

қалбаки акциз маркали ёки акциз маркаси мавжуд бўлмаган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини ёки реализация қилинишини текшириш;

тақиқланган товарлар (хизматлар) ишлаб чиқарилиши ва реализация қилиниши фактларига барҳам бериш бўйича текшириш;

ўз фаолиятини расман тўхтатиб турган давр мобайнида якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни давом эттираётган жисмоний шахснинг фаолиятини текшириш.

Солиқ текширишларини ўтказиш учун асослар

Солиқ тўловчи молия-хўжалик фаолиятининг текширувини ўтказиш (тафтиш қилиш) учун:

тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли органнинг текширувни ўтказишга розилиги, ушбу розиликда текшириладиган объектнинг номи, солиқ тўловчининг идентификация рақами, текширувнинг мақсади, текширув ўтказиш муддатлари ва уни асословчи сабаблар кўрсатилади;

давлат солиқ хизмати органининг буйруғи, буйруқда текширувни ўтказиш мақсади, муддатлари ва текширувчи мансабдор шахсларнинг таркиби кўрсатилади.

Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли органнинг текширувни ўтказишга бўлган розилиги жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши фактлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида ўтказиладиган текшириш ёки тадбиркорлик субъектлари фаолияти таваккалчилигини таҳлил этиш натижаларининг якунлари бўйича давлат солиқ хизмати органлари ташаббусига кўра текширишни ўтказиш учун асос бўлади, ушбу розиликда текшириладиган объектнинг номи, солиқ тўловчининг идентификация рақами, текширувнинг мақсадлари, ўтказилиш муддатлари ва текширувни асословчи сабаблар кўрсатилади.

Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли органни хабардор этиш тартибида текширувни ўтказиш учун давлат солиқ хизмати органининг текширувни ўтказиш мақсадлари, муддатлари ва текширувчи мансабдор шахслар таркиби кўрсатилган буйруғи асос бўлади.

Тугатилаётган юридик шахсни ва фаолияти тугатилаётганда ягона солиқ тўловини тўловчи бўлган якка тартибдаги тадбиркорни солиқ текширувидан ўтказиш учун:

тугатувчининг ёки юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органнинг юридик шахс тугатилаётганлиги ва ягона солиқ тўловини тўловчи бўлган якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти тугатилаётганлиги тўғрисидаги ёзма билдириши;

давлат солиқ хизмати органининг текширувни ўтказиш мақсадлари, муддатлари ва текширувчи мансабдор шахсларнинг таркиби кўрсатилган буйруғи асос бўлади.

21.01.2019