Ҳунармандлар учун имтиёзлар

ремесленник

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳунармандчиликнинг ривожланиши учун  ғоят катта имкониятлар яратди.

Эътибор беринг, имтиёзларни олиш учун халқ анъанавий ижодкорлиги билан шуғилланаётганлар албатта “Ҳунарманд” ассоциациясига аъзо бўлишлари керак.

Имтиёзлар 2017 йилнинг 1 декабридан  кучга киради.

Қатъий белгиланган солиқ бўйича имтиёзлар

ҳунармандчилик фаолияти маҳсулотлари (товар, иш, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш қатъий белгиланган солиқдан озод этилади;

ёшга доир пенсия ва нафақа олувчилар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадали тўловидан озод этиладилар;

қишлоқ жойларда рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган ҳунармандлар ўз фаолиятининг дастлабки икки йили мобайнида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадалининг фақат 50 фоизини тўлайдилар.

 Имтиёзли кредитлар

ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна ва эҳтиёт қисмлар харид қилишда имтиёзли микрокредитларнинг фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизини, айланма маблағларини тўлдириш учун эса Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш фоиз ставкаси даражасини ташкил этади;

имтиёзли микрокредитлар пул маблағларини қарз олувчининг ссуда ҳисобрақамидан унинг тўлов топшириқномасига мувофиқ, ушбу Фармонда назарда тутилган мақсадлар учун тегишли ташкилот ёки жисмоний шахснинг талаби бўйича депозит ҳисобрақамига ўтказиш йўли билан, кейинчалик ушбу ташкилот ёки жисмоний шахсга хизмат кўрсатувчи банк тариф сиёсатига мувофиқ, нақд пул олиш имконияти билан тақдим этилади.

Ҳунармандларни ўргатувчилар  учун имтиёзлар

“Ҳунарманд” уюшмасига аъзо ҳунармандларга касб-ҳунар коллежларининг махсус устахоналарида ҳунармандчилик бўйича таълим беришда якка тартибдаги тадбиркорлар каби шартнома тузиш ва кўрсатилган хизмат учун солиқ тўламаслик ҳуқуқи берилди;

“Уста-шогирд” мактаби ўқувчиси сифатидаги иш даври 25 ёшга етгунга қадар энг кам ойлик иш ҳақининг камида 2,5 баробари миқдорида суғурта тўлови тўланган тақдирда меҳнат стажига қўшилади.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича  берилган имтиёзлар

ҳунармандларга ўз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, шу жумладан, банк ҳисобрақамидаги чет эл валютасини нақд шаклда олиш ҳуқуқи афзалликлари;

хорижий мамлакатларда ўтказилган кўргазма, танлов, ярмарка давомида сотилган ҳунармандчилик маҳсулотлари экспорт шартномалари тузилмасдан амалга оширилиши мумкин, бунинг натижасида олинган даромад эса экспорт тушуми ҳисобланмайди.

Бошқа имтиёз ва афзалликлар

доимий савдо жойларига эга бўлмаган ва вақтинчалик жойларда савдо қилувчи ҳунармандлар томонидан касса аппаратлари ва савдо терминалларидан фойдаланиш, шунингдек, савдодан тушган нақд пул тушумини тижорат банкларига инкассация қилиш ихтиёрий тартибда амалга оширилади;
ҳунармандларга  давлат мулки объектлари учун ижара тўлови белгиланган энг кам тўловнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади;

ҳунарманд хусусийлаштириш дастури доирасида (“ноль” харид қийматида) сотиладиган давлат мулки объектини олиш хоҳишини билдирган тақдирда, ушбу объект ҳунармандга баҳоланган қийматида (бошланғич инвестиция мажбуриятлари билан) очиқ савдоларга (танловга) қўйилмасдан тўғридан-тўғри шартнома асосида сотилади (берилади);

бир неча ҳунарманд бир объектни (“ноль” харид қийматида) олиш истагини билдирган тақдирда, ушбу объект белгиланган тартибда очиқ савдога (танловга) қўйилади ва унда фақат ушбу ҳунармандлар иштирок этади.

Ҳунармандларга тақдим этилган объектлар, ҳунармандчилик маҳсулотлари  ишлаб чиқариш соҳасида камида 5 йил мобайнида фойдаланилиши зарур.

18.06.2018