“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури

семейный бизнес

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисидаги қарорига асосан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури ҳаётга  татбиқ этилмоқда.

Дастур мамлакатимизнинг ҳар бир туман ва шаҳрида, энг аввало олис ва табиий-иқлим шароити оғир ҳудудларда амалга оширилади. Дастур  аҳолининг моддий шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи сифати ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришлар амалга оширилишини таъминлашга қаратилган.

Дастурнинг  асосий йўналишлари:

тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

уларга имтиёзли кредитлар ажратиш;

аҳолига тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш ва тегишли фаолият турини ташкил қилишга амалий ёрдам кўрсатиш;

қўшимча иш ўринлари яратиш;

касаначилик ва кичик ҳажмда ишлаб чиқарувчи субъектларни (микрофирмаларни) ташкил этиш учун молиявий ёрдам бериш орқали аҳолига қўшимча даромад ишлаб топиш имкониятини яратиш;

маҳаллаларда  мазкур соҳада ижобий натижаларга эришган ишбилармонлик тажрибасига эга тадбиркорларни маҳаллаларда янги бизнес фаолияти билан шуғулланишни бошлаган оилаларга бириктириш – мини-кластерлар ташкил этиш;

жойларда оилавий тадбиркорликка кўрсатиладиган хизматлар кўламини тубдан кенгайтириш, тадбиркор оилаларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотлари савдосини ташкил қилувчи бозор инфратузилмаси объектлари, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчаларини барпо этиш;

қишлоқ ва маҳаллаларда бўш турган ер майдонларини янги ташкил этилаётган оилавий тадбиркорлик субъектларига бериш орқали аҳоли учун қўшимча иш ўринлари ва даромад манбаларини яратиш;

вақтинчалик молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ҳамда давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритаётган тадбиркорларни аниқлаб, улар фаолиятини тиклаш ва қонунийлаштириш юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш.

Дастурни ким амалга оширади

Ишларни мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари раҳбарлигида  ташкилий ишчи гуруҳлар тузилди;

инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалаларига масъул бўлган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари раҳбарлигида Аҳолига тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш ва тавсиялар бериш бўйича махсус ишчи гуруҳлар тузилди;

туман (шаҳар) ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари раҳбарлигида Тадбиркорлик фаолияти ташкил этишга амалий ёрдам бериш ҳамда мониторинг қилиш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлар (кейинги ўринларда – Ҳудудий ишчи гуруҳлар) ташкил этилди.

Дастур координаторлари:

 Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари А.Р.Каримов,

 иқтисодиёт вазирининг ўринбосари А.Ж.Ортиқов,

 Марказий банк раисининг ўринбосари А.Р.Исламов – тизимли мониторинг қилишга ва Дастурни амалга оширилишига ёрдам беради.

Имтиёзли кредитлаш

Ҳудудий дастурда кўзда тутилган вазифаларни молиявий таъминлаш мақсадларига хорижий молия институтлари кредит линияларидан 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ажратилади.

Тижорат банклари ажратадиган имтиёзли кредитлар:

энг кам иш ҳақининг юз эллик бараваригача миқдорда – оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини тавсияномалари билан;

энг кам иш ҳақининг минг бараваригача миқдорда – белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган кичик тадбиркорлик субъектларига учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Жамғарманинг кафиллиги ва қонун ҳужжатлари доирасидаги бошқа таъминот турлари билан;

энг кам иш ҳақининг минг бараваридан ортиқ миқдорда – тадбиркорлик субъектларининг инвестициявий лойиҳаларини кредитлашда қонун ҳужжатлари доирасида белгиланган таъминот турларига асосан ажратилади.

04.07.2018