Энергиянинг қайта тикланадиган манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги имтиёз ва преференциялар

возобновляемые источники

Ўзбекистон  Республикасининг  “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан  фойдаланиш тўғрисида”ги  қонуни асосида ишлаб чиқарувчиларга  имтиёз ва преференциялар берилди.

Қайта тикланувчи энергия манбаларига нималар киради 

Қайта тикланувчи энергия манбалари – атроф-муҳитда табиий ҳолда қайта тикланувчи қуёш, шамол энергияси, ер ҳарорати (геотермал), сув оқимларининг табиий ҳаракати, биомасса энергияси.

Имтиёзлар ва преференциялар

Амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар уч йил муддатга ер  солиғидан озод қилинадилар;

Амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар эгалигидаги мол-мулкка қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан уч йил муддатга жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи солинмайди.

Эътибор беринг, юқоридаги имтиёзларни тақдим этиш учун энергия билан таъминловчи  ташкилотнинг қайта тикланувчи энергия манбаларидан амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган ҳолда фойдаланилаётгани  тўғрисидаги  маълумотномаси асос бўлиб хизмат қилади.

Қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчилар давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан беш йил муддатга солиқнинг барча турларини тўлашдан озод этилади.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан ортиқ бўлган) ўрнатганлик учун мол-мулк солиғини тўлашдан ҳамда ушбу қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини тўлашдан  ўн йил муддатга озод этилади.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар, қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчилар, шунингдек қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида инвестицион, илмий-тадқиқот фаолиятини амалга оширувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида давлат томонидан қуйидагича қўллаб-қувватлаш амалга оширилади:

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида солиқ, божхонага оид ҳамда бошқа имтиёзлар ва преференциялар белгилаш;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида инновацион технологиялар яратиш ва уларни қўллашга кўмаклашиш;

қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг ягона электр энергетикаси тизимига кафолатли уланишини таъминлаш;

электр энергиясининг ягона харидори ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилган ҳолда ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилардан электр энергиясини харид қилиш учун шартномалар тузиш ҳуқуқини бериш.

Фойдаланилиши қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш самарадорлигини салмоқли тарзда оширадиган қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини импорт қилиш чоғида юридик ва жисмоний шахсларга солиқлар ҳамда божхона божларига доир имтиёзлар берилиши мумкин.

10.06.2019