ҚҚСни ҳисоблаш учун бозор нархи қандай аниқланади

НДС

”Товарлар (хизматлар)нинг бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда қўшимча қиймат солиғи бўйича базасини аниқлаш тартиби” тўғрисидаги Низомга (Вазирлар  Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги 489-сон қарорига 3-илова) мувофиқ  қуйидаги амалиётларда бозор қийматини аниқлаш тартиби тасдиқланган:

товарларни (хизматларни) бошқа товарларга (хизматларга) айирбошлаб реализация қилишда;

солиқ тўловчи томонидан ўзига тегишли мол-мулкни (хизматларни), агар бундай мол-мулк (хизматлар) бўйича солиқ суммаси тўлиқ ёки қисман ҳисобга ўтказилган бўлса, бошқарув органи аъзоларига, ходимларга, уларнинг оила аъзоларига ёхуд бошқа шахсларга солиқ тўловчининг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган шахсий мақсадларда фойдаланиш учун бериш (хизматлар кўрсатиш);

товарни (хизматни) бепул бериш, бундан шундай бериш, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган ҳоллар мустасно;

Тушунчалар

товарларнинг (хизматларнинг) бозор қиймати – товарларнинг (хизматларнинг) эҳтимолга энг яқин ва адолатли қиймати, шу жумладан, ваколатли органлар, баҳолаш ташкилотлари томонидан аниқланадиган ва (ёки) белгиланган, товарлар (хизматлар) бозорида реализация қилиниши (кўрсатилиши) мумкин бўлган қиймат;

товарларнинг (хизматларнинг) бозори – харидорнинг (сотувчининг) товарларни (хизматларни) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёки унинг ҳудудидан ташқарида қўшимча харажатларсиз олиш (реализация қилиш) имкониятидан келиб чиқиб аниқланадиган товарларнинг (хизматларнинг) муомалада бўлиш соҳаси.

Солиқ солиш мақсадида товалар (хизматлар)нинг бозор қиймати қандай аниқланади

ҚҚС бўйича  солиқ солинадиган база    акциз солиғини акциз тўланадиган товарлар, хизматлар учун) ҳисобга олиб, унга солиқни киритмаган ҳолда, битм тарафлари томонидан қўлланилган нархдан (тарифдан)  келиб чиққан ҳолда белгиланади.  Бунга зид ҳолатлар юзага келмаган экан, ҳозирча  ушбу қиймат бозор нархларига мувофиқ деб қабул қилинаверади.

Бироқ, товарлар (хизматлар)нинг бозор нархи қуйидаги ҳолларда бошқа усуллар билан аниқланади:

товарларни (хизматларни) бошқа товарларга (хизматларга) айирбошлаб реализация қилишда, шу жумладан, товар айирбошлаш (бартер) операциялари бўйича;

тадбиркорлик субъектлари томонидан ўзига тегишли мол-мулкни (хизматларни), агар бундай мол-мулк (хизматлар) бўйича солиқ суммаси тўлиқ ёки қисман ҳисобга олинган бўлса, бошқарув органи аъзоларига, ходимларга, уларнинг оила аъзоларига ёхуд бошқа шахсларга солиқ тўловчининг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган шахсий мақсадларда фойдаланиш учун беришда (хизматлар кўрсатишда);

товарларни (хизматларни) бепул бериш, бунда шундай бериш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайдиган деб эътироф этилганда.

Юқоридаги ҳолатларда солиқ солиш учун товарларнинг (хизматларнинг) бозор қиймати қуйидагиларни қўллаган ҳолда аниқланиши мумкин:

ўзининг нархга доир маълумотлари (прайс-варақлар);

ахборот-нарх агентликлари маълумотлари;

оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотлар;

биржа хабарлари;

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан эълон қилинадиган ёки сўровга кўра тақдим этиладиган Ўзбекистон Республикаси ташқи савдосининг божхона статистикаси;

қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда нархларни белгилаш учун нормативларни ўрнатадиган ваколатли органларнинг маълумотлари.

Товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматини аниқлаш имконияти бўлмаган тақдирда, бундай қиймат баҳоловчи ташкилотларнинг хулосалари асосида ёхуд харажатларни индексациялаш усулидан фойдаланган ҳолда аниқланади.

Товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматини харажатларни индексациялаш усулидан фойдаланган ҳолда аниқлашда, муайян тармоқнинг саноат маҳсулотларининг харид қилиш санасидан бошлаб реализация қилиш санасигача бўлган даврда ушбу тармоқлардаги статистика органи томонидан эълон қилинадиган нарх қимматлашуви индекслари асосида ҳисобланади.

Бунда саноат маҳсулоти айнан қайси тармоққа тегишли эканлигини аниқ белгилаш имконияти бўлмаган тақдирда, саноат бўйича умумий индекс қўлланилади.

Функционал ёки иқтисодий жиҳатдан эскирган асосий воситалар ва товарларнинг бозор қиймати баҳоланаётганда дастлабки харажатларни индексациялаш усулини қўллашда қолган иқтисодий хизмат қилиш муддати ёки тегишли эскириш фоизи ҳисобга олинади.

Товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматини аниқлашда ўзаро боғлиқ бўлмаган шахслар ўртасида битимлар тузишда нархларга қўйиладиган одатдаги устамалар ёки чегирмалар ҳисобга олинади. Хусусан, қуйидагилар юзага келтирган чегирмалар ҳисобга олинади:

товарларга нисбатан бўлган истеъмол талабининг мавсумий ва бошқа тебранишлари;

товарларнинг сифат ёки бошқа истеъмол хусусиятларини йўқотиши;

товарларнинг яроқлилик ёки реализация қилиш муддатларининг тугаши (тугаш санасининг яқинлашиши);

маркетинг сиёсати, шу жумладан, унга ўхшаш товарлар бўлмаган янги товарларнинг (хизматларнинг) бозорга кириб бориши, шунингдек, товарларнинг (хизматларнинг) янги бозорларга кириб бориши;

истеъмолчиларни улар билан таништириш мақсадида товарларнинг тажриба моделлари ва намуналарини реализация қилиш.

Текшириш натижалари

Солиқ текширувлари  натижалари бўйича бозор қийматидан фарқ қиладиган  қиймат қўллангани далили аниқланган тақдирда,  Солиқ органи ҚҚС бўйича солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақли.

Бу ҳолда тушумни  яширганлик, кам кўрсатганлик, ва/ёки солиқни тўламаслик ёхуд тўлиқ тўламаслик учун молиявий  жарималар  қўлланилмайди.

Бу ҳолда солиқ тўловчи солиқ органининг ҚҚС бўйича солиқ базасига тузатиш киритиш тўғрисидаги қарори юзасидан битимнинг (операциянинг) қиймати бозор нархларига мувофиқлигини ва солиқ тўлашдан бўйин товлашга қаратилмаганлигининг асосларини тақдим этиш йўли билан низолашишга ҳақли.

19.09.2020