Ўзбекистонда крипто-биржалар ташкил этиш

крипто-биржа

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  “Ўзбекистон Республикасида крипто-биржалар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори асосида крипто-биржаларни ташкил этиш регламенти ишлаб чиқилди.

Тавсифлар

Крипто-биржа – крипто-активларни айирбошлаш, сотиб олиш ва сотиш учун электрон майдонни ташкил қилувчи.

Крипто-актив –  блокчейндаги қиймати ва эгаси кўрсатилган ёзувлар мажмуи.

Крипто-активлар ва  крипто-биржалар айланмаси фаолиятига қимматли қоғозлар,  биржа ва биржа фааолияти тўғрисидаги қонунчилик  татбиқ этилмайди.

Имтиёз ва афзалликлар

Саноат майнингини амалга ошириш (100 КВт/с дан ортиқ фойдаланиш) учун ер участкалари электрон аукцион ўтказилмай, махсус ҳудудлардан тақдим этилади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг крипто-активлар айланмаси билан боғлиқ операциялари солиққа тортиш объекти ҳисобланмайди, улардан олинган даромад эса солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича солиққа тортиш базасига киритилмайди.

Крипто-активлар айланмаси билан боғлиқ валюта операцияларига нисбатан (лицензияси бўлган шахслар учун) валютани тартибга солиш ҳақидаги қонунчиликнинг нормалари татбиқ этилмайди.

Лицензиялаш ва  лицензия талаблари

Крипто-биржалар фаолиятини амалга ошириш учун лицензиялар Ўзбекистон ҳудудида шўъба ёки бошқа турдаги ташкилотларини очиш орқали фақатгина чет эл юридик шахсларига берилади.

Фаолиятнинг мазкур  тури учун асосий  лицензион  талаб ва шартлари белгиланди.

Ўзбекистондаги серверларда жойлаштирилган ва белгиланган талабларга  мувофиқ келадиган фаолият юритувчи крипто-биржа савдолари электрон тизими мавжуд бўлиши зарур.

Ариза берилган санада пул маблағлари кўринишида камида 30 000 ЭКИҲ миқдорида шакллантирилган устав фонди мавжуд бўлиши, шундан 20 000 ЭКИҲ Ўзбекистон тижорат банкидаги алоҳида счётга захира сифатида қўйилади.

Крипто-биржа савдоси қоидалари мавжуд бўлиши, уларда қуйидагилар албатта акс эттирилиши керак:

  • иштирокчиларни крипто-биржа савдоларида иштирок этишга рухсат бериш тартиби;
  • жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бажарилишини таъминлашга йўналтирилган чора-тадбирлар;
  • крипто-активлар муомаласига рухсат бериш ва муомаладан чиқариш тартиб-таомиллари;
  • крипто-активлар билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби;
  • битимларни тузиш чоғида крипто-биржа савдоси иштирокчиларининг ўзаро ҳисоблашиш тартиби;
  • крипто-биржа хизматларидан фойдаланганлик учун тўлов миқдори ва уни белгилаш тартиби;
  • крипто-биржадаги нархлар манипуляция қилиниши ва махфий ахборотдан ҳуқуққа зид равишда фойдаланилишини бартараф этиш чора-тадбирлари;
  • крипто-активлардан қонунга зид мақсадларда фойдаланилишини тақиқлаш.

Крипто-активлар бўйича талаб ва таклиф нисбати асосида уларни котировкалаш.

Мижозларнинг крипто-активлари билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги ахборот, шунингдек уларнинг идентификация маълумотлари ва мижозлар билан ўзаро муносабатларига доир материаллар, шу жумладан ўзаро тижорий ёзишмаларни 5 йил давомида сақлаш.

           

Крипто-биржалар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

кўрсатиладиган хизматлар учун, шу жумладан крипто-активларда ҳақ олиш, унинг миқдорини ва савдолар иштирокчиларидан (мижозлардан) ундириш тартибини белгилаш;

резидентлар ва норезидентлар билан крипто-активларни миллий ва хорижий валютага сотиб олиш ва (ёки) учинчи шахсларга бериш, шунингдек крипто-активларни бошқа крипто-активларга айирбошлашга йўналтирилган биржа битимларини ташкил этиш.

Назорат

Крипто-биржалар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиши қисмида уларнинг фаолиятини назорат қилиш вазифаси лицензияловчи ва тегишли ваколатли давлат органлари зиммасига юклатилади.

17.09.2018